ОАВ вакилларини аккредитация қилиш

  • Июн 20

    Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларини Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида аккредитация қилиш тартиби

    Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ўз вақтида ва холисона ёритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакиллари Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида аккредитация қилинади.

    Оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларининг (кейинги ўринларда «мухбирлар» деб аталади) ҳуқуқий мақоми ва касб фаолияти принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 23 ноябрдаги 243-сонли қарори ҳамда ДВҚнинг Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларини Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги Низоми билан белгиланади.

    Асосий тушунчалар

    мухбир — меҳнат шартномалари ва бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун хабарлар ва материалларни қидириш, тўплаш, қайта ишлаш ва тайёрлаш касби билан шуғулланадиган жисмоний шахс;

    аккредитация — мухбирнинг ваколатларини Давлат ветеринария қўмитаси томонидан эътироф этиш тартиботи бўлиб, унинг натижаларига кўра, Давлат ветеринария қўмитаси ўз фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун оммавий ахборот воситаси (кейинги ўринларда «таҳририят» деб аталади) вакилининг ўз соҳасини билишини тасдиқловчи аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани беради;

    Аккредитация қилишнинг асосий принциплари

    Аккредитация уни ўтказишга жалб этилган мутахассисларнинг ўз ишини пухта билиши ва мухбирларнинг мустақиллиги принципларига асосланади.

    Мухбирнинг аккредитация қилинишида унинг ўз ишини пухта билишини аниқлаш мезони Давлат ветеринария қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари вакили фаолиятининг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда, Давлат ветеринария қўмитасининг норматив ҳужжатлари билан белгиланади.

    Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида ўз мухбирини аккредитация қилиш ҳуқуқига расмий равишда рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситалари эга ҳисобланади.

    Мухбирларни аккредитация қилиш

    Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш учун таҳририят ўзининг расмий бланкасида бош муҳаррирининг имзоси қўйилган, муҳр билан тасдиқланган буюртманома тақдим этади.

    Таҳририятнинг буюртманомасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

    оммавий ахборот воситасининг номи ва тури;

    ихтисослашуви;

    тарқалиш ҳудуди;

     электрон почта манзили;

    таҳририятнинг телефонлари ва факслари рақамлари;

    аккредитацияга тақдим этилган мухбирнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

    касб вазифаларини бажариш учун ушбу мухбир ўзи билан бирга олиб юриши зарур бўлган аппаратлар.

    Буюртманомага батафсил маълумотлар (мухбирнинг хизмат мавқеи, паспортига оид маълумотлар, дипломи нусхаси, электрон почта манзили, телефон ва факс рақами) мавжуд бўлган маълумотнома ҳамда белгиланган шаклдаги тўртта фотосурат илова қилинади.

    Мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома Давлат ветеринария қўмитаси томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб белгиланган муддат мобайнида кўриб чиқилади.

    Аккредитация қилинадиган мухбирлар сони таҳририят томонидан Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда белгиланади.

    Аккредитация тартиботи қуйидаги асосий тадбирлардан иборат бўлади:

    буюртманомани ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш;

    мухбирларни аттестациядан ўтказиш;

    аккредитация қилиш тўғрисида ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ва бериш.

    Оммавий ахборот воситаси таҳририяти томонидан тақдим этилган буюртманомалар ва ҳужжатларни кўриб чиқишни Давлат ветеринария қўмитасининг матбуот ва ахборот бўлими амалга оширади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари ариза тушган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда мазкур бўлим хулосаси билан расмийлаштирилади.

    Аттестацияни аккредитация қилувчи орган томонидан расмий равишда тузиладиган комиссия ўтказади. Аттестацияни ўтказиш муддатлари таҳририят билан келишилиши керак. Таҳририят комиссиянинг айрим аъзолари иштирок этиши ва аттестация ўтказилиши муддатлари юзасидан эътироз сабабларини асослаган ҳолда таклиф билдиришга ҳақлидир.

    Комиссия аттестацияни Давлат ветеринария қўмитаси тасдиқлаган дастурга мувофиқ ўтказади. Мухбирнинг касбий сифатлари ва лаёқатини тавсифлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги қўмитанинг матбуот ва ахборот бўлими хулосаси, шунингдек, экспертиза ва аттестация жараёнида олинган бошқа ахборотлар аттестация комиссиясининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади. Аттестация натижалари аттестация далолатномаси билан расмийлаштирилади.

    Давлат ветеринария қўмитаси аттестация далолатномасини кўриб чиқиш натижалари асосида мухбирни аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

    Оммавий ахборот воситалари мухбирларини аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан кўриб чиқилади.

    Ижобий қарор чиқарилган тақдирда Давлат ветеринария қўмитаси қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради ва беради.

    Аккредитация қилувчи орган аккредитация қилинган мухбирга 2 йилгача муддатда амал қиладиган аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради.

    Аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома Давлат ветеринария қўмитаси реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб амал қилади.

    Аккредитацияга тааллуқли барча ҳужжатлар (буюртманомалар, қарорлар, далолатномалар, аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ва шу кабилар) давлат тилида расмийлаштирилади.

    Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ёки мазкур Низом асосида журналистни аккредитация қилишни рад этиши мумкин. Қўмита бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида уч кун муддатда оммавий ахборот воситаси таҳририятини ёзма шаклда хабардор қилади.

    Зарур ҳолларда Давлат ветеринария қўмитаси ҳузурида вақтинчалик ёхуд доимий мухбирлик пунктлари ташкил этилиши мумкин.

    Аккредитация қилинган мухбирларнинг асосий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

    Аккредитация қилинган мухбирлар касб фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар.

    Давлат ветеринария қўмитаси аккредитация қилинган мухбирни мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади, стенограммалар, протоколлар ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлайди.

    Аккредитация мухбирнинг расмий шахслар ташрифлари давридаги тадбирларда бевосита қатнашишини кафолатламайди. Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатларнинг расмий шахслари ташрифлари вақтида мухбирларни махсус аккредитация қилиш тартиби қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш учун масъул хизматлар талабларига биноан белгиланади.

    Аккредитация қилинган мухбир қуйидаги ҳуқуқларга эга:

    бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;

    Давлат ветеринария қўмитаси бинолари (хоналари) ва объектларига тегишли гувоҳнома (рухсатнома) асосида, ушбу орган томонидан белгиланган тартибда кириш;

    Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ўтказиладиган мажлислар, йиғилишлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда қатнашиш, ёпиқ тадбир ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно;

    Давлат ветеринария қўмитасининг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш, кириш эркин бўлган тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ва улардан нусха олиш;

    ёзувлардан матнли материаллар тайёрлашда, аккредитация қилинган оммавий ахборот воситаларининг телерадиодастурларида фойдаланиш;

    аудио, видео ёки кино тасвирлар олиш, овоз ёзиш учун зарур бўлган техник аппаратлардан, шунингдек, компьютер техникаси воситаларидан фақат Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ёритиш мақсадларида фойдаланиш.

    Аккредитация қилинган мухбир қуйидагиларга мажбур:

    Давлат ветеринария қўмитаси биносида бўлишда унинг ички тартиб-қоидаларига ва ишларини ташкил этиш талабларига риоя қилиш;

    ўзи иштирок этаётган тадбирларнинг ўтказилишига аралашмаслик (агар тадбир матбуот учун махсус ташкил этилмаган бўлса);

    Давлат ветеринария қўмитаси фаолияти тўғрисида холисона ахборот бериш;

    махсус тадбирларни ўтказиш қоидаларига риоя қилиш;

    Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларни бажариш.

    Мухбирнинг аккредитациясини тўхтатиш ва уни аккредитациядан маҳрум қилиш тартиби

    Қуйидагилар аккредитациянинг тўхтатилиши учун асос ҳисобланади:

    мухбирнинг таҳририятдан ишдан бўшатилиши (ушбу ҳолда таҳририят бошқа вакилни аккредитация қилиш тўғрисидаги ариза билан Давлат ветеринария қўмитасига мурожаат қилишга ҳақлидир);

    мухбир вакили бўлган оммавий ахборот воситаси фаолиятининг тўхтатилиши;

    таҳририят раҳбарияти томонидан мухбирни Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ёритишдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилиниши (расмий билдиришнома асосида).

    Мухбир:

    ўзи таклиф этилган тадбирлар ўтказилиши тартибига аралашганда;

    амалдаги қонун ҳужжатларини ва мазкур Низомни мунтазам равишда бузганда аккредитациядан маҳрум этилиши мумкин.

    Мухбирни аккредитациядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор Давлат ветеринария қўмитаси томонидан қабул қилинади. Қарор асосланган, ёзма шаклда расмийлаштирилган, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан далилланган бўлиши керак.

    Давлат ветеринария қўмитаси аккредитациядан маҳрум қилинган мухбирнинг таҳририятига қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддатдан кечикмай расмий билдиришнома юборади. Бундай қарор кучга кирган вақтдан бошлаб аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва у таҳририят томонидан аккредитация қилган органга қайтарилиши керак.

    Янги муддатга аккредитация қилиш

    Аккредитация қилинган мухбирни янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин таҳририят томонидан тақдим этилган буюртманома асосида ўтказилади.

    Таҳририят Давлат ветеринария қўмитасига аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин буюртманома бериши керак.

    Янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация қилинган мухбирнинг олдинги аккредитацияси давридаги бенуқсон фаолиятини ҳисобга олган ҳолда соддалаштирилган тартибот бўйича амалга оширилиши мумкин.

    Техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар

    Таржимонлар, телеоператорлар, фотомухбирлар, теле, кино ва видеоаппаратларга, алоқа воситаларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар таҳририятнинг мухбирларга бириктирилган техник ходимлари бўлиши мумкин.

    Аккредитация қилинган мухбирлар техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ишга ёллаши мумкин.

    Жалб этиладиган техник ходимларнинг шахсий таркиби Давлат ветеринария қўмитаси билан келишилади. Уларга ўз фаолиятини амалга оширишлари учун Давлат ветеринария қўмитаси томонидан тегишли гувоҳнома берилади.

    Аккредитация қилинган мухбирнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига журналистлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

    Якунловчи қоидалар

    Давлат ветеринария қўмитаси ҳузуридаги аккредитацияни амалга ошириш тартиби билан боғлиқ низоли масалалар пайдо бўлган тақдирда манфаатдор томон қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.

    Давлат ветеринария қўмитаси ва оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари мазкур Низом ҳамда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар. 

     

                                                                                               

    Батафсил